ҚАЙТАР МАНИ ҲАЁТГА...
Бир нидо бор, тингланг, биродар,
Моҳиятин англанг, биродар,
Ўзингизга тенгланг, биродар:
“Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Мўмин эдим, мусулмон эдим,
Сани Роббим ягона, дедим,
Аммо мўмин гўштини едим,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Кузатдим воҳ, мўмин изларни,
Роҳатландим кўриб тизларни,
Ҳижобини тортдим қизларни
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Нетай, шўро тузумда ўсдим,
Менга ёвдек кўринди дўстим,
Болаларни жумадан тўсдим,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Индамадинг, ошим ошадим,
Бир чиройли ёшим ёшадим,
Лек Қуръондан чўчиб яшадим,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Росулингни севмай ўтганим,
Ёт қўлларга қўлим тутганим,
Сароб бўлди йиғлаб кутганим...
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Дил дардини ҳеч ечолмадим,
Дин шарбатин бир ичолмадим,
Мансабимдан воз кечолмадим,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Ўз устимдан асли кулдим-ку,
Ўлмадилар, балки ўлдим-ку,
Таҳоратсиз вафот бўлдим-ку...
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Ўз жонимга куймабман, қара,
Дунё дебман, тўймабман, қара,
Байтингни ҳам суймабман, қара,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Ё Раб, дунё экан-ку фоний,
Лаззатию роҳати оний,
Дўппиликни, дедим, фалоний,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Навоийга кўрсатма мани,
Фаробийга кўрматма мани,
Бухорийга кўрсатма мани,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Бирон кимса сўрмасин мани,
Эй фалон, деб урмасин мани,
Термизийлар кўрмасин мани
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Йиғлаб йиғлаб кўз ёшим тинди,
Тиз чўкмаган тиззам ҳам синди,
Пайғамбарга не дейман энди
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Олдимдаги қайси аҳллар?
Кўринмайди нечун оқиллар?
Булар кимлар? Абу Жаҳллар?
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Чаён заҳрин тотгим келмаюр,
Ўз терима ботгим келмаюр,
Қорун билан ётгим келмаюр,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Воҳким, эдим ўзимча ёвқур,
Йўлимни ҳам бир зумда топқир...
Жаҳаннаминг бунча ҳам чуқур
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Энди мўмин бўлиб яшайман,
Солиҳларга тамом ўхшайман,
Бор ишимни буткул ташлайман,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Қуръон кўрсам ўпиб ўтаман,
Куфр йўлин тепиб ўтаман,
Ширкка кўзим ёпиб ўтаман,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Қайтар, ё Раб, қайтар изимга,
Амал қилиб яшай сўзимга,
Ўратайин рўмол қизимга,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Ҳабибингга умрим фидодир,
Кўнглим ҳадис истар гадодир,
Акс ҳолда ҳолим адодир,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Ё Раб, дўнай асл навкарга,
Фуқаролар бўлай саҳарга,
Жавоб бериб қайтай Мункарга
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Портлаб чиқар кўнглимдаги роз,
Бу нидога шарт эмас пардоз,
Ўргатардим ўғлимга намоз,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Золимликка урмай қўлимни,
Аниқлардим гўзал йўлимни,
Унутмасдан асло ўлимни,
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Чидолмайман, ё Раб, қийноққа,
Эшиги ҳам йўқ бир қамоққа...
Судрашмоқда мани қаёққа???
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Кўринмоқда оловлар, олов,
Наҳот ёрдам бермайди биров?
Фаришталар намунча соқов?
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Қайтар, қайтар, қайтар ортимга,
Одамлари мўмин юртимга,
Мос яшайин гўзал сиртимга...
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!
Тўлдирардим дунёга зиё,
Дининг учун қалбимда ҳаё...
Нидоларим энди кечми ё
Қайтар мани ҳаётга, ё Раб!”
Қайтармадинг, тугади асаб,
Аҳволимни кенгламадинг Сан.
Тингламадим сени, шу сабаб
Бугун мени тингламадинг Сан!